Клиник лаборатор диагностика – тиббиёт фанларидан бири бўлиб, одам организмидаги физиологик ва патологик холатларнинг бир-бири билан боғланишини ва биологик  суюқликларини ҳужайравий ҳамда кимёвий таркибини ўрганишга бағишланган. Бунда аниқланган ўзгаришлар тўғри ташҳис қўйишга ва даволашни назорат қилишга ёрдам беради. Клиник лаборатор диагностика фани  куйидаги фундаментал фанлар асосида ташкил топган: физика, кимё, биология ва клиник тиббиёт. Замонавий тиббиёт нафақат врач хулосасига асосланиб қолмай, одам организмида кетаётган кўпчилик биологик ўзгаришларни аниқлаш билан боғлиқ.

Замонавий лаборатор диагностика малум билим ва кўникмаларнинг муайяан тизими бўлиб, ҳажми ва характери жиҳатидан муҳим аҳамият касб этади ва клиник лаборатор диагностика мутахассисларни чуқур таёрлашни талаб этади.

Клиник лаборатор диагностика магистрларини ўқитишдан мақсад етарли даражада билим, маҳорат ва амалий кўникмаларга эга бўлган замонавий лаборатория диагностика хизмати сертификати, кейинчалик лицензия сифатига мос келадиган мутахасисларни тайёрлашдир.

5А510113 “Клиник лаборатор диагностика” мутахассислиги намунавий дастури Ўзбекистон Давлат стандарти асосида тузилган.

Гематология, трансфузиология ва лаборатория иши кафедраси магистратура талабаларига клиник лаборатор диагностика соҳасида чуқур назарий ва амалий билим бериш имкониятига эга.

Тематик ротациялар ТТА 1 ва 2 клиникалари марказий лабораториялари, ЎзР Гематология ва қон қуйиш ИТИнинг «Гемостаз патологияси” бўлими ва цитология лабораторияси, ЎзР иммунология  ИТИ, Республика иҳтисослаштирилган Урология марказининг лабораториялари, микробиологик лабораториялар ва бошқа лабораторияларда амалга оширилади.


   ТАЪЛИМНИНГ АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ

Клиник лаборатор диагностика бўйича магистратура таълими мақсади:

Сертификатлаш ва келгусида мустақил ишлаш учун рухсат бериш талаблари асосида замонавий лаборатор диагностика хизмати учун зарур етарли  даражада билим, маҳорат ва амалий кўникмаларга эга бўлган юқори малакали лаборатория мутахассисларини тайёрлаш.


Таълим вазифалари:

  • Организмдаги тўқима ва суюқликларнинг физикавий-кимёвий хусусиятларини, ҳужайравий ва кимёвий таркибларини тадқиқот қилишга асосланиб, физиологик, патологик ва касаллик ҳолатларини баҳолаш усулларини ўрганиш.
  • Нормадаги ва патология ҳолатида организмнинг анатомик-физиологик тузилиши тўғрисидаги билимларни шакллантириш.
  • Умумий клиник, гематологик, цитологик, қон ивиш тизими, клиник биокимёвий, иммунологик, микробиологик тадқиқот усуллари бўйича билим, маҳорат ва кўникмаларни шакллантириш.
  • Янги замонавий технологияларни қўллаш ва ишлаб чиқиш.
  • Сифат назорати дастурларини тузиш.

Мутахассислик фанлари блоки:

Биологик материалларни умумий клиник ва цитологик текшириш усуллари:

Диагностик лабораторияларни бошқариш фаолияти менежменти. Лаборатор текширувлар сифатини назорат қилиш. Преаналитик босқич. Лаборатор текширувлар сифатини назорат қилиш. Аналитик ва постаналитик босқич. Лабораторияда янги технологиялар. Анализаторлар. Фотометрия асослари. Анализаторлар учун дастур тузиш. Ўзбекистонда тест системалар сифатини таъминлаш. Контрол карта.

Пешобнинг ҳосил бўлиши, пешобнинг умумий таҳлили. Пешобнинг физик хусусиятлари, диурез, ранги, тиниқлиги, нисбий зичлиги. Пешобнинг кимёвий хусусиятлари, муҳити, протеинурия, кетонурия. Глюкозурия, билирубинурия, уробилиноген.  Гематурия, гемоглобинурия, миглобинурия. Пешоб чўкмасининг микроскопияси. Ничепоренко, Адисс-Каковский синамаси. Реберг, Зимницкий синамаси.

Нажас таҳлили, нажасининг физик ва кимёвий хусусиятлари.  Нажасда  яширин қон. Нажаснинг микроскопияси. Гельминтозлар лаборатор ташхиси. Содда ҳайвонлар лаборатор ташхиси.

Орқа мия суюқлигининг физик ва кимёвий хусусиятлари. Ликворни микроскопик текшириш. Экссудат ва транссудатлар физик ва кимёвий хусусиятлари. Экссудат ва транссудатлар микроскопияси. Балғам тахлили, миқдори, ранги, хиди, консистенцияси. Балғам микроскопияси. Сил лаборатор диагностикаси.

Жинсий йўллар билан ўтувчи яллиғланиш касалликлар диагностикаси, қин бактериал флораси, қин тозалик даражаси. Эякулят ва простата секрети. Тери касалликларини лаборатор диагностикаси. Лейшманиоз лаборатор диагностикаси

Қон яратиш аъзолари, қон яратиш схемаси. Қон ва қон ҳужайраларининг умумий  хусусиятлари. Умумий қон анализи учун қон олиш техникаси, қон суртмаси, фиксация турлари ва бўяш техникаси. Гемоглобин, гемоглобин турлари. Эритроцитлар, эритроцитларнинг миқдори. Ретикулоцит ва унинг турлари. Эритроцитларнинг патологик шакллари, эритроцитометрия, эритроцитларнинг осмотик резистентлиги. Эритроцитларнинг индекси, гематокрит кўрсаткичи. Эритроцитларнинг чўкиш тезлиги. Тромбоцитлар, тромбоцитларнинг миқдори, тромбоцитларнинг морфологияси. Лейкоцитлар, лейкоцитларнинг миқдори. Лейкоцитар формула, агранулоцитлар ва гранулоцитлар турлари ва уларнинг хусусиятлари. Малярия лаборатор диагностикаси.

Темир танқислик анемиясида периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Витамин В12 ва фолий танқис анемиясида периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Гемолитик анемияда периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Гипо, -апластик анемияда периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси.

Суяк кўмиги қизил ўсиғининг цитоморфологияси. Суяк кўмиги лейкоцитар ўсиғининг цитоморфологияси. Суяк кўмиги мегакариоцитар ўсиғининг цитоморфологияси.

Гемобластозлар цитоморфологик диагностикаси, бласт хўжайралар идентификацияси. Ўткир лейкозларда периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Ўсма хужайраларнинг цитохимик диагностикаси. Ўсмалар молекуляр генетик диагностикаси. Сурункали миелолейкоз, моноцитар ва миеломоноцитар лейкозда периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Эритремия ва миелом касаллигида периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси. Сурункали лимфолейкозда периферик қон ва миелограмма цитоморфологик диагностикаси.

Бачадон бўйни хужайралари цитоморфологик характеристикаси. Традицион ва Папаниколау усулида бўяш усуллари. Бачадон бўйни рак олди холатлари цитоморфологик диагностикаси. Бачадон бўйни ракининг цитоморфологик диагностикаси. Яхши ва ёмон сифатли ўсмалар цитологияси, ўсма ҳужайралари идентификацияси.

Гемостаз тизими ва унинг таркиби. Томир- тромбоцитар гемостаз. Тромбоцитар омиллар. Томир эндотелийсининг гемостаздаги роли. Плазма гемостази. Плазма гемостазини текшириш усуллари. Физиологик антикоагулянтлар, текшириш усуллари. Фибринолитик тизим, текшириш усуллари.

Оқсил алмашинуви, оқсил фракциялари, текшириш усуллари. Углеводлар характеристикаси, текшириш усуллари. Қонда глюкозани аниқлаш, глюкоза билан юклама синамаси. Гликозирланган гемоглобин. Липидлар алмашинуви. Липид спектрини текшириш. Клиник аҳамияти. Пигмент алмашинуви. Билирубин алмашинуви патологияси ва текшириш усуллари. Ферментлар характеристикаси, текшириш усуллари. Сув-туз алмашинуви, текшириш усуллари. Микроэлементлар биологик аҳамияти. Кислота – асос мувозанати, текшириш усуллари.  Буфер системалар.

Қонни микробиологик текшириш. Нафас йўллари аъзоларини микробиологик текшириш. Ошқозон ичак тракти аъзоларини микробиологик текшириш. Пешоб ажартиш аъзоларини микробиологик текшириш. Қин микробиоценози ва унинг бузилиши.

Касалликлар иммун диагностикаси асослари. Иммун реакциялар. Антиген, антитело. Иммунофермент анализ асослари. Иммунофермент анализ принципи. Иммунофермент анализ реагентларни олиш. Иммунофермент анализ усуллари. Иммунофермент анализ босқичлари. Иммунофермент анализ интерпретацияси.

TORCH-инфекция лаборатор диагностикаси. Гепатит А, В, С, Д, Е лаборатор диагностикаси. Одам иммун танқислик вируси лаборатор диагностикаси.

Тиреотроп гормон, трийодтиронин ва тироксин гормонларни иммунофермент анализ усулида аниқлаш. Анализ интерпретацияси. Жинсий гормонларни иммунофермент анализ усулида аниқлаш. Анализ интерпретацияси.

Аутоиммун касалликларни лаборатор диагностикаси. Ўткир фаза оқсиллари. Ревмопроба. LE-хужайрани аниқлаш. Ўсмага қарши иммунитет. Онкомаркерлар. ПЦР (полимераз занжирли реакция)-диагностика

Қон иммуногематологик анализи. Қон гурухлари ва гурухчалари. Иммуногематологик лаборатория иш принципи. Қон гурухини моноклонал антителолар ва стандарт эритроцитлар ёрдамида аниқлаш. Гемаглютинация реакциялари. Мослик синамалари. Резус фактор ва уни аниқлаш усуллари. Қон гурухи ва резус фактор мослик синамалари. Парааглютинация ва аутоаглютинация натижасида қон гурухини аниқлашдаги хатоликлар ва уларни аниқлаш. Кумбс реакцияси ва олинган натижалар интерпретацияси.