11 феврал 2021 йил.

Гуруҳ раҳбари катта укитувчи Шокирова Ф.Ж. ва 312-a гуруҳ талабалари

Тамарахоним (тахаллуси; асл исми ва фамилияси Тамара Артёмовна Петросян) [ 1906.16(29).3, ҳоз. Янги Марғилон шаҳарчаси – 1991.30.06, Тошкент] – қўшиқчи ва раққоса, балетмейстер, ўзбек профессионал рақси асосчиларидан. Ўзбекистон халқ артисти (1932). Москва театр техникумида ўқиган (1923-24). Ёшлигидан санъатга қизиққан: дастлаб Марғилон, Фарғона аёллари орасида рақсга тушиб, қўшиқ айтган. Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комиловлардан ўзбек рақс ҳаракатларини, Ҳамза, К. Станиславский, Немирович-Данченко ва бошқалардан қўшиқчилик, актёрлик маҳоратини қунт билан ўрганди. Саҳна фаолиятини 1919 йил Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий труппасида бошлаган. Кейинчалик Юсуфжон қизиқ труппасида ишлаган. 1921 – 1922 йиллар Тошкент рус опера ва балет театрида, 1924 йилдан Муҳиддин Қориёқубов раҳбарлигидаги консерт труппаси (1926 йилдан Ўзбек давлат консерт-етнографик ансамбли, 1929 йилдан Ўзбек давлат мусиқали театри)да фаолият кўрсатган. 1925 йил, Парижда бўлиб ўтган Жаҳон безак санъати кўргазмасида М. Қориёқубов билан биргаликда иштирок этиб, ўзбек санъатини илк бор Европада намойиш этган. Тамарахоним ўзбек лапар ва ялла намуналарини саҳнавий ижро шароитига мослаштириб, янгича ифодавий воситалар (мимика, рақс, диалог ва бошқалар) билан бойитиб, улар негизида бир неча кичик мусиқий инссенировкаларни яратди, миллий оммабоп (эстрада) санъат ривожига асос солди. Тамарахоним ижросидаги қўшиқ ва лапарлар («Лолахон», «Қорасоч», «Билагузук», «Ойижон», «Фабриканинг йўлидан», «Қизлар, шитобингиз нима?», «Гулёр», «Етимлар йигиси», «Туйғуной», «Эрк болалари» ва бошқалар), «Синахирож», «Дил- хирож», «Қаринаво», «Усмония» сингари рақслари халққа манзур бўлган.1925-29 йиллар Андижон, Қўқон, Самарқанд театрларида саҳналаштирилган мусиқали драмаларда Ҳалима (Ғ. Зафарий, «Ҳалима»), Ширин (Хуршид, «Фарҳод ва Ширин»), Гулчеҳра (У. Ҳожибеков, «Аршин мол олон») сингари ролларни ижро этди. 1929-1934 йиллар Самарқанддаги Ўзбек давлат мусиқали театри (1931 йил театр Тошкентга кўчирилган)да, 1934-1935 йиллар Хоразм театрида ишлади. 1934 йил  М. Яновскийнинг «Ференжи» балетида Индра ролини ўйнади. Ўзи  ташкил қилишда қатнашган республика балет мактаби 1935-1947 йиллар Тамарахоним номи билан юритилган. 1935 йил Лондонда бўлиб ўтган биринчи халқаро халқ рақси ва мусиқа санъати фестивалида (Уста Олим Комилов, Тўхтасин Жалилов, Абдуқодир Исмоиловлар билан) қатнашиб олтин медал олишга сазовор бўлган. 1937 йил Москвада бўлиб ўтган биринчи ўзбек санъати декадасида ҳам иштирок этган. 1936- 1941 йиллар Ўзбек давлат филармонияси, айни вақтда, Ўзбек давлат мусиқали театри (1939 йилдан Ўзбек давлат опера ва балет театри)да раққоса ва балетмейстер. 1941-1969 йилларда Ўзбек давлат филармониясининг мусиқа ансамблида бадиий раҳбар, балетмейстер ва актриса. Тамарахоним  2-жаҳон уруши йилларида консерт бригадалари билан армия қисмларида хизмат қилди. Тамарахоним қайси халқ қўшиқ ва рақсини ижро этмоқчи бўлса, ўша халқнинг тарихи, этнографияси, маҳаллий урф-одатлари, санъати ва маданиятини батафсил ўрганиб, сўнг ижро этган. Унинг ижросида «Эрта билан» (қўқонча), «Яллама ёрим» (марғилонча), «Омонёр» (андижонча), «Фарғонача рақс», «Бухороча рақс», «Мавриги», «Лазги» (хоразмча), «Бибижон» (туркманча), «Янги ой» (мўғулча), «Никоҳ тўйи» (грузинча), «Эшикни қоқма» (озарбайжонча), «Гулизор» (туркча), «Чандо» (индонезча), «Хумор кўзлар», «Бинти шалобия» (арабча), «Бандай тоғи» (японча), «Чўпон рақси», «Торази» (корейсча), «Ширин забон» (афғонча), «Нилуфар» (ҳиндча), «Паризодой» (қирғизча), «Жўра жоним» (тожикча), «Гармончи» (татарча), «Ой да Галя и Султан» (украинча) каби 500 дан ортиқ қўшиқ ва рақслар 86 тилда янграган. У устози Уста Олим Комилов билан кўплаб ўзбек халқ рақсларини саҳналаштириб, ўзига хос (аёллар ва эркаклар рақси ҳаракатларини мужассам этган) услубини яратди, янги замонавий рақслар, театрлашган рақс сюжетларини, янги хореографик композитсияларни («Гул ўйин», «Садр», «Занг», «Пилла», «Кема ўйини» каби) ижод қилди. У ўзбек халқ рақс ҳаракатлари билан Европа мумтоз балет рақслари ҳаракатларини уйғунлаштирувчи дастурлар («Баҳор», «Наво», «Қизил ва оқ атиргуллар уруши» ва бошқалар) яратди, булар миллий ўзбек балетини юзага келишида, миллий хореографияни ривожлантиришда муҳим омил бўлди. У биринчи ўзбек балетларидан «Гуландом» (Е. Брусиловский, 1938) либреттосини Уйғун ва М. Яновскийлар билан биргаликда яратди, уни саҳналаштириб, бош ролни ўзи ижро этди. М. Турғунбоева, Г. Раҳимова, Р. Каримова, Г. Маваева, Ҳ. Комилова, И. Оқилов, Л. Петросова кабилар Тамарахонимнинг шогирдларидир. Тамарахоним Франсия, Норвегия, Германия, Италия, Туркия, Эрон, Ҳиндистон каби давлатларда гастролда бўлган. Тошкент шаҳри кўчаларидан бири (ўзи яшаган кўча)га Тамарахоним номи берилган. Тошкентда Тамарахоним уй музейи фаолият кўрсатмоқда. Вафотидан сўнг «Буюк хизматлари учун» ордени билан мукофотланган (2001).1994 йилда доимий фаолият кўрсатиб келаётган Тамарахоним либослари кўргазмаси асосида ташкил қилинган. Мазкур уй-музейда Тамарахоним ҳаётининг сўнгги йиллари яшаб ўтган хоналар интерьерлари сақлаб қолинган. Шунингдек унинг кўплаб саҳна либослари, бетакрор суратлар тўплами, ва шоиранинг кўплаб чоп этилмаган шеърлари ҳамда мемуарлари мавжуд. Музей тўпламига шу билан бир қаторда тасвирий санъат намуналари, либослари ва рўзғор буюмлари ҳам киритилган. Музейнинг кўргазмалар залида Тамарахонимнинг саҳна либослари, ўзбек миллий либослари намойишлари ўтказиб келинади.

Leave a Comment

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.